Уч ойда мактабларда деярли 11,5 миллиард сўм ўғирланди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг биринчи чорагида халқ таълими вазирлиги 1444та мактабни текширди ва 11 миллиард 400 миллион сўм пул ноқонуний ишлатилганини аниқлади.

Вазирликнинг билдиришича, бу пулнинг 2 миллиард 71 миллион 700 минг сўмини мактабда ишламайдиган одамларга, ортиқча сақланган штат бирликлари ҳамда ишчи-ходимлар томонидан бажарилмаган иш ҳажмлари учун амалга оширилган тўловлар ташкил қилади.

4 миллиард 276 миллион 900 минг сўм эса ортиқча ва қўшимча режалаштириш орқали ноқонуний ўзлаштирилган. 2 миллиарддан ортиқ пул ноқонуний тарзда устама ва мукофот тарқиасида берилган.

Вазирлик мазкур ҳолатлар бўйича жиноят аломатлари бўлган 190 та иш ҳуқуқ-тартибот органларига топширилгани ва 279 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий чора кўрилгани, 3 миллиард 23 миллион 400 минг сўм пул давлат бюджетига қайтарилганини маълум қилди.

2018 йилда Халқ таълими вазирлиги мактабларда 325 миллиард сўм, яъни 40 миллион доллардан кўпроқ маблағ ноқонуний ўзлаштирилганини билдирган эди.