Бундан буён мактабларда пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, 22 апрелда тасдиқланган низомга мувофиқ, пуллик таълим хизматлари зарур моддий-техника базаси ва тегишли педагог ходимларга эга бўлган мактабларда ташкил этилади.

Пуллик таълим хизматлари шартнома асосида кўрсатилади.
Мазкур хизматларга ўқувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқланади.

Пуллик хизматлар учун тўлов кам таъминланган оилалар фарзандлари учун умумий нархнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Битта гуруҳда машғулотларда қатнашувчиларнинг сони 35 нафардан ошиши мумкин эмас.

Пуллик хизматлардан тушадиган маблағнинг 50 фоизидан кам бўлмаган қисми педагог ўқитувчиларга берилади.

Пуллик хизматлар учун ҳақ банклар орқали тўланади, тўловни мактабда амалга ошириш тақиқланади.