Қирғизистонга 2018 йилда келган 7 миллион туристнинг ярми ўзбекистонликлардир

Иссиқкўл соҳилида.

Қирғизистонга 2018 йилда келган 7 миллион туристнинг 3 миллион 285 минг нафари ўзбекистонликдир. Бу ҳақда Тошкентда ўтаётган Road Show II туристик кўргазмаси доирасида 24 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида Қирғизистон маданият вазирлиги расмийси Максат Дамир уулу маълум қилди.

Расмийга кўра, ҳар йили май ойи охиридан бошлаб Тошкент-Бишкек-Балиқчи поезд қатновининг йўлга қўйилиши ортидан Қирғизистонга борган ўзбекистонликларнинг асосий қисми Иссиқкўлда дам олмоқда.

Жорий йилнинг 29 январида Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 20 фоизини қирғизистонликлар ташкил этаётганини айтган эди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион 300 минг турист келган.