Ўзбекистонда "Шараф лентаси"ни тарқатиш кампанияси бошланди

25 апрелда Иккинчи жаҳон уруши давомида жасорат ва мардлик кўрсатган ўзбекистонликларга ҳурмат рамзи сифатида “Шараф лентаси”ни тарқатиш кампанияси бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати баёнотига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Айтилишича, дастлабки тасмалар Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида тарқатилган. Ленталарни тарқатиш маросимининг очилишида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбарияти, фан, таълим ва маданият арбоблари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 24 апрелда ўтказган селектор йиғилишида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан топшириқлар бераркан, Россияда урф бўлган Георгий лентасини тарқатишни тақиқлаган, унинг ўрнига Ўзбекистон миллий байроғи акс этган ленталар чиқарилиб, тарқатишни буюрган эди.

Маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти. Уларнинг ҳар бирига 7,5 миллион сўм нақд пул берилажаги, ҳар бирига патронаж ҳамшира бириктирилажаги айтилган селектор йиғилишида.

9 май яқинлашар экан, ҳар йили Георгий тасмаси билан боғлиқ масала ўзбек жамиятида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, жамият унга қаршилар ва унинг тарафдорларига ажралиб қолмоқда.

Георгий лентаси тарихи аввалига насронийларнинг Салиб юриши¸ 1769 йилдан бошлаб эса¸ Россия империясининг ўзга юртларда қилган босқинчилик урушларида катта хизмат кўрсатган рус аскарларига бериб келинган энг олий ҳарбий орденлар тўғноғичига ўралган лентадир.