Атирауда гаров эвазига ўғирланган ўзбекистонлик вазиятини ТИВ назоратга олди

Атирау Полиция департаменти машинаси (Иллюстратив сурат)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Қозоғистоннинг Атирау вилоятида ўғирланган ўзбекистонлик тақдирига оид вазиятни назоратга олганини билдирди.

25 апрель куни қатор нашрлар, Атирау Полиция департаментининг Экстремизмга қарши кураш бошқармасига таяниб, Атирау шаҳрида ўзбекистонликни ўғирлаган бир гуруҳ қўлга олингани ҳақидаги хабар тарқатди.

Гуруҳнинг қўлга олиниши акс этган видео эса ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

28 апрель куни ТИВ берган хабарда айтилишича, ушбу гуруҳ 16 апрель куни Ўзбекистон фуқароси С.Й.ни ўғирлаган ва унинг дўсти бўлган Ўзбекистон фуқаросидан гаров сифатида 300 минг тенге миқдорида пул олган.

Консуллик-ҳуқуқий департаментига кўра, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ҳодисани аниқлаштириш учун зарурий чоралар кўрмоқда.

Атирау полицияси эса қўлга олинган 3 шасхни одам ўғирлаш ва гаровда ушлаш билан боғлиқ жиноятларда айблаб, иш қўзғатганини билдирган.