Жанубий Кореяга ишга юбораман, деб пул олган 2 шахс фирибгарликда айбланди

Ўзбекистон фуқаросини 7 минг АҚШ доллари эвазига Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) хабар қилишича, бу шахс устидан ариза 29 апрель куни Чилонзор тумани прокуратурасига тушган.

"2017 йилнинг 30 сентябрь куни 46 ёшли самарқандлик Луиза Х. 36 ёшли самарқандлик Ғофур Г.га уни Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, ундан ушбу хизмат учун 7000 АҚШ доллари олган. Аммо келишилган режага хилоф тарзда Луиза Х. пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади", дейилади ИИББ хабарида.

Ҳозирда бу аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда.

Шунингдек, 29 апрель куни Юнусобод тумани ички ишлар органларига ҳам Тошкент вилоятидан бўлган бир шахс устидан айни мазмунда ариза тушган.

Хабарга кўра, "2018 йил, 2 октябрь куни 39 ёшли Тошкент вилоятилик Дилмурод К. 28 ёшли Акбар Х.нинг ишончига кириб ва уни Жанубий Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилиб ундан 1750 АҚШ доллари олган. Аммо ўз ваъдасида турмасдан, олган пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган".

Бу шахсга нисбатан ҳам “фирибгарлик” айби билан жиноий иш қўзғатилган.