Т. Каримова: Каримов давлат тепасига келганда ўлка аланга ичида қолган эди

Биринчи президент Ислом Каримовнинг рафиқаси - Татьяна Каримова Самарқандда ўтказилган анжуманда марҳум президент фаолиятига баҳо берди.

Ислом Каримов номидаги жамғарманинг Facebook саҳифасида хабар қилинишича, Каримова 29 - 30 апрель кунлари "Каримов маърифий ўқишлари: Ислом Каримов - мустақил давлат асосчиси", деб номланган республика анжуманида нутқ сўзлаган.

“Ислом Каримов жуда мураккаб ва ўта зиддиятли даврда давлат тепасига келди. Ўша вақтда республика фуқаролар уруши, миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги тўқнашув ёқасида турган эди. Таъбир жоиз бўлса, ўлка аланга ичида қолган, айрим жойларда қон ҳам тўкилган эди. Ўзбекистон учун мамлакатни юзага келган бошбошдоқликдан олиб чиқиб кета оладиган етакчи жуда ҳам зарур эди. Ана шу паллада Ислом Каримов залворли масъулиятни жасорат ила ўз зиммасига олди”, дея Татьяна Каримовадан ​иқтибос келтирилади хабарда.


Татьяна Каримованинг таъкидича, марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда “миллий ғурур ва халқнинг қадр-қиммати, унинг бой тарихи, маданияти ҳамда маънавий қадриятлари тикланган".

Daryo.uz нашрининг ёзишича, Самарқандда ўтказилган анжуманда бундан буён ҳар баҳорда айни шаҳарда "Каримов маърифий ўқишлари" тадбирини анъанавий тарзда ўтказишга келишилган.