Президент танқиди ортидан Тошкент ҳокими ўринбосари ишдан олинди

Тошкент манзараси.

Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Хаджизадаев президент танқидидан сўнг ишдан бўшатилди.

“Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ўз манбасига таяниб хабар беришича, 1 май куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

Йиғилишда Тошкентда ёш оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан сезиларли ўзгаришлар бўлмагани танқид қилинган. Бунинг ортидан Шерзод Хаджизадаев ишдан олинган.

46 ёшли Шерзод Хаджизадаев ўтган йилнинг 4 октябрь куни Тошкент ҳокими ўринбосарлигига тайинланганди. Бунга қадар у Марказий банк раиси ўринбосари бўлган.