Рамазон ойи 2050 масжидда таровеҳ, 1200 жоме масжидда хатми Қуръон билан бошланди

Рамазонда масжидга намоз ўқиш учун йиғилганлар.

Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида 6 май куни Рамазон ойи бошланди.

“Рамазоннинг илк оқшоми диёримизнинг 2050 дан зиёд масжидда таровеҳ намозлари, 1200 дан ортиқ жоме масжидларда хатми Қуръон бошланди. Жоме масжидларга йиғилган минг минглаб намозхонлар хофиз қориларнинг чиройли совт ва хушовозлик билан ўқиган Қуръони Карим тиловотларидан баҳраманд бўлдилар”, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси.

Рамазон муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан Рамазон ойининг мазмун-моҳияти тўғрисида маърифий тадбирлар ва тарғибот ишлари ташкил этилади, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилади, қабристонлар ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилади.

Аввалроқ Ўзбекистон муфтияти Нур-султонда Қозоғистон ва Қирғизистон муфтияти вакиллари билан ўтган учрашувда минтақа мамлакатлари Рамазонни бир кунда бошлаш тўғрисида келишиб олганларини билдирган эдилар.