Президент ўзбекистонликларни Рамазон билан табриклади

Президент Мирзиёев Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида. 2019, 6 май.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни Фарғона вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилиш чоғида ўзбекистонликларни Рамазон ойи билан табриклади.

“Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни улуғ айём билан чин юрагимдан табриклаб, ҳамма дуолари ижобат бўлишини сўрайман. Бутун халқимизни мана шундай улуғ айём билан табриклашга рухсат этгайсиз”, - деди президент ўз табригида.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев вилоят аҳолисини иш билан таъминлаш ва даромадларни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Прездент матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида икки-уч ой ичида бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган оилаларга 486 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратишга кўрстама берди.

Президентнинг айтишича, икки йил ичида Олтиариқ туманида 3 минг гектар майдонда узумчилик, Қува туманида 2 минг гектарда анорчилик, Қувасой шаҳрида 2 минг гектар майдонда гилосчилик кластерлари ташкил этилади.

“Ушбу кластерлар ўзлари мева етиштириш билан бирга аҳолидан ҳам сотиб олади. Бунинг учун хонадонларга 15 миллион дона узум, 10 миллион дона гилос ва 5 миллион дона анор кўчатлари етказиб берилади”, дейилади расмий хабарда.