Мирзиёев 9 майда сўзлаган нутқида "Хотира ва ва қадрлаш куни" ўрнига Совет давридаги "Ғалаба куни" сўзини ишлатди

Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида, 9 майни Совет даврида бўлгани каби "Ғалаба куни" деб атади. Мирзиёев ўз нутқи давомида “Хотира ва қадрлаш куни”, деган гапни ишлатмади.

“Ҳақиқатан ҳам, 9 май – Ғалаба куни эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида мардона жанг қилиб, ёвуз душманни тор-мор этган, мислсиз талофатлар эвазига эришган шон-шараф айёмидир”, деди президент.

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида 2020 йилда Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланишини таъкидлади ва: “Ҳозирги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан бирга бу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрмоқдамиз”, деб билдирди.

Унга кўра, “Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида ушбу шонли санага бағишлаб улкан Ғалаба боғи” барпо этилади, боғда “муҳташам ёдгорлик мажмуаси” бўлган шон-шуҳрат музейи ташкил этилади.