Мирзиëев қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш ҳақида топшириқ берди

Шавкат Мирзиëев пойтахт Тошкентдаги аксар йирик қурилишлар ҳомийси бўлган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан.

14 май куни президент раислигида ўтказилган йиғилиш “қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланди».

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда келтирилган рақамларга кўра¸ кейинги икки йилда Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми 1,7 баробар ошган.

Айтилишича¸ қурилишда ишлатилаëтган асосий материаллар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда¸ айни пайда¸ керамик ва ёғоч-қипиқ плиталар, ойна, гулқоғоз ва бошқа материаллар импорт қилинмоқда.

Расмий хабарга кўра¸ 14 май кунги йиғинда президент «қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган».

Президент замонавий технологиялар қўллаш ҳисобига қурилиш материаллари таннархини камайтириш¸ мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган материаллар экспортини ошириш бўйича топшириқ берган.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери мамлакатда бошланган кенг кўламли қурилишларни "Қишлоққурилишинвест" ва "Ўзшаҳарқурилиш инвест" инжиниринг компаниялари¸ шунингдек асл мулкдори очиқланмаган саноқли девелоперлик ширкатлари амалга оширмоқда.

Озодликка қурилишлар ҳақида оддий ўзбекистонликлардан келаëтган шикоятларда бу компанияларнинг қурилиш соҳасида монополист мақомида экани ва улар қураëтган объектлар таннархига оид маълумот шаффоф эмаслиги айтилади.