"Ўзбекистон 24" телеканали Andijan City ишбилармонлик маркази лойиҳасига оид тафсилотларни маълум қилди.
Телеканалга интервью берган Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Зокировга кўра, марказ шаҳарнинг Бобуршох, Амир Темур ва Мустақиллик кўчаларидаги эски уйлар ўрнида очиладиган 70 гектар майдонга қурилади.
Расмий маълумотга кўра, мажмуада 16 қаватли 5 юлдузли меҳмонхона, 24 қаватли офислар биноси, 30 қаватли бизнес маркази, ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жой бинолари, қўғирчоқ театри, 16 қаватли банк биноси бўлади.
Айтилишича, биринчи босқичда энергия тежовчи материаллардан 12 та тўққиз қаватли монолит уй қурилади. 21 гектарлик майдонга 70 та уй қуриш белгиланган.
Шунингдек, вазир ушбу лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи давомида унга тақдим қилингани ва президент замонавий мухандислик талаблари асосида қурилиши кўзланган лойиҳани қабул қилганини ҳам илова қилиб ўтди.
Вазирга кўра, вазирлик тез орада ўз ишчи лойиҳасини тақдим қилади.