Германия президенти расмий ташрифининг асосий куни бошланди (ФОТО)

Германия президентини 27 май куни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.Президент расмий сайтидан олинган сурат.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 28 май куни Тошкентда расмий ташрифининг асосий учрашувларини ўтказади.

Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув доирасида иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Штайнмайер Тошкентда расмий учрашувларни якунлаганидан сўнг Хоразмга боради ва Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари билан учрашади. Шундан сўнг Хива бўйлаб саёҳат қилади.

Германия президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 27 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга етиб келди. Уни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

Германия президенти Тошкентга келди

Франк-Вальтер Штайнмайер шу куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ўзбекистондаги Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати вакиллари билан учрашди.