Пензада автоҳалокатга учраган 8 ўзбекистонликдан бир нафари вафот этди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Пенза вилоятида автоҳалокат оқибатида жароҳатланиб, Кузнецк туманлараро касалхонасига ётқизилган Ўзбекистон фуқароси Шерали Патиллоев 6 июнь куни вафот этди. У 35 ёшда эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 4 июнь куни автоҳалокатга учраган яна етти нафар ўзбекистонлик касалхонада қолмоқда. Уларнинг 3 нафари реанимация бўлимида сақланмоқда, тўрт нафари травматология бўлимида даволанмоқда.

4 июнь, эрталаб соат 9:10 да Пенза вилояти ҳудудидан ўтувчи М5 «Урал» трассасида "Газель" ва Hyundai микроавтобуслари тўқнашиб кетгани хабар қилинган эди.

Мазкур ҳодисада 8 нафар ўзбекистонлик жароҳатланиб касалхонага ётқизилганди. "Газель" ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлган.