Ўзбекистон тарихида биринчи марта намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбек ҳуқуқ фаоллари Жиззахда ўтказган пикет. Иллюстратив сурат.

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда биринчи марта митинглар, йиғинлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида 12 июнь куни рус тилида эълон қилинган ҳужжатни 27 июнгача муҳокама қилиш таклиф этилган.

Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар, жамоат ва диний ташкилотлар томонидан ўтказилувчи митинглар, йиғин ва намойишларга тегишли эмас.

Лойиҳада митинг, йиғин ва намойишлар очиқ, ошкора, тинч ўтказилиши ва уларда қатнашиш ихтиёрий бўлиши шартлиги қайд этилган. Тадбирларда ёши 18дан кам бўлмаган фуқароларнинг иштирок этишига рухсат берилади.

Бу каби тадбирларда конституциявий тузумни ағдаришга чақириш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш, шунингдек, давлат органларини таҳқирлаш тақиқланади.

Лойиҳада таъкидланишича, митинг, йиғин ва намойишлар вақтида иштирокчиларга ниқоб кийиш тақиқланади, тадбир иштирокчилари тартибни сақлашлари ҳамда маҳаллий органларнинг қонуний талабларини бажаришга мажбурдирлар.

Митинг, йиғин ва намойишлар ўтказиш учун 30 иш кунидан кам бўлмаган муддатда маҳаллий ҳокимиятларга рухсат сўраб ариза топшириш зарур. Митинг, йиғин ва намойишлар ҳокимиятлар томонидан ажратилган махсус жойларда ўтказилади. Бундай тадбирларни ҳафтанинг иш кунлари соат 10:00 дан 17:00 гача маъмурий бинолар, элчихоналар, халқаро ташкилотлар биноларидан 500 метр узоқликда ўтказиш мумкин.