Тадбиркор З. Ҳошимов импорт оёқ кийимга бож солиш таклифини танқид қилди

Таниқли тадбиркор, Тошкентдаги "Корзинка" дўконлар тармоғи бош директори Зафар Ҳошимов ҳукуматнинг импорт оёқ кийимларга бож тўлови жорий қилиш таклифини танқид қилди.

Тадбиркор Facebook тармоғидаги саҳифасида бу таклиф импорт оёқ кийимлари бозорини издан чиқаради, мазмунида фикр билдирди.

"Афтидан, "Чармпойабзалсаноат"даги "ақллилар" нафақат иқтисодни умуман тушунмайди, балки ўз соҳаси, ўз рақобатчилари ва бозорни ҳам яхши билмайди... Агар мазкур ўзгартиришлар қанақадир даҳшатли тушунмовчилик билан охир-оқибатда қабул қилинса, у ҳолда сифатли маҳсулот хорижий курьерлик хизматлари орқали онлайн буюртмалар, контрабанда ва қора бозорга ўтиб кетиши аниқ. Ва сифатли оёқ кийим учун нархлар кўтарилиб кетади", деб ёзди Ҳошимов ўз саҳифасида.

Ўзбекистонда и​мпорт қилинувчи оёқ кийимлар учун бож ставкасини 1 июлдан 10 ўрнига 30 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинган.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси тайёрлаган қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқдаги машҳур блогерларнинг кескин танқидига учради.

Ҳукумат порталида муҳокамага қўйилган лойиҳани “лоббизм анқиб турган қарор”, деб атади Davletov.uz.

“Қонунчиликни жуда ўйинчоқ қилиб юборишди бу лоббистлар… Энди аёллар оёқ кийимига ҳам давлат божини оширишмоқчи. Ичкаридаги ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари беришмоқчи… Ўзбекистонга кирадиган аёллар оёқ кийими оқими қора йўлларга ўтиб кетади. Ичкарида нарх кўтарилади”, деб ёзди блогер Нозим Сафаров.

“Ҳурматли аёллар! Сифатли туфлилар, лодочкалар, босоножкалар – хуллас, яхши пойабзал кийиш ҳуқуқимизга зарба беришмоқчи! Қачонгача бир йилга етмай пошнаси узилиб, оғзи очиладиган оёқ кийимларда юрамиз? Қачонгача лоббистлар фойдасига халқ пул тўлайверади?” деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.

Блогер Азиза Умаровага кўра эса, янги бож имтиёзларисиз ҳам Марказий Осиё бўйича Ўзбекистонда пойабзал жуда қиммат бўлиб қолмоқда.