Парламент махсус комиссияси собиқ президент Атамбаевга тўққизта айблов билдирди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, 2019 йилнинг 8 июни.

Қирғизистон парламентининг собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан президентлик иммунитетини олиб ташлаш масаласида тузилган махсус комиссияси 18 июнда ўз ишини давом эттиради.

17 июнь куни комиссия собиқ президентга тўққизта жиддий айблов билдирди. Улар орасида хизмат ваколатидан ўз фойдасига фойдаланиш, қонундаги ўғри Азиз Батукеевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатиш, коррупция, ерни ноқонуний равишда трансформация қилиш, пул ювиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш пайтида коррупцияга йўл қўйиш каби айбловлар бор.

12 нафардан иборат парламент комиссияси парламент вакилларидан 60 нафари Атамбаевни президентлик пайтида коррупцияга боғлиқ қатор жиноятларни содир этишда айблагани ортидан 13 июнда ташкил этилган эди.

Комиссия мазкур айбловларни кўриб чиқиб, Атамбаевга қандай чора кўриш масаласида ўз таклифини билдириши лозим.

Комиссия хулосаси эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилишига асос бор, деб ҳисобласа, парламентга мурожаат қилади.

Парламентнинг 120 депутатидан 80 нафари рози бўлса, Атамбаевнинг жавобгарликка тортилмаслик иммунитети бекор қилинади.