Маҳбусларга ойлик олиш ва меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқи берилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда маҳбуслар ойлик иш ҳақи, меҳнат таътили ва психологик ёрдам олиш ҳамда очиқ ҳавода машқ қилиш каби қатор ҳуқуқларга эга бўлди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги 1 июль куни маълум қилди. Хабарда айтилишича, мазкур ҳуқуқлар жазони ўташ жойларидаги ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилди.

Янги қоидаларда маҳбуслар дам олиш ҳуқуқига эгалиги ҳам қайд этилган. Улар ишлайдиган жойларда меҳнат хавфсизлиги таъминланиши зарур.

Оғир касалликка чалинган маҳбусларга эса телефон орқали қўшимча мулоқот қилиш ва шифокор кўрсатмаси билан яқинлари билан қўшимча учрашувлар ўтказишга рухсат берилади.

Маҳбус шифокорга ўзи мурожаат қилган ҳолатлардан ташқари тиббий кўрик ҳар олти ойда бир марта барча маҳбуслар учун мажбурий бўлади.

Расмий маълумотда айтлишича, Ўзбекистонда маҳбуслар сони 2018 йилда 2017 йилдагига нисбатан 10 фоизга озайган. Бугунги кунда ҳар юз минг одамга 140 нафар маҳбус тўғри келади, уларнинг 30 нафари аёлдир.

2018 йилда Ўзбекистонда судланган 35 минг 706 одамдан 8730 нафарига қамоқ жазоси берилган.