Ҳайдовчилар видеокамераси йўқ ЙПҲ ходимига ҳужжат бермаслик ҳуқуқидан 1 январгача фойдалана олмайди

Зулфиқор Мусоқовнинг "Абдуллажон" фильмидан олинган кадр.

Йўл ҳаракати қатнашчилари 2020 йил 1 январгача хизматни мобил видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқидан фойдалана олмайди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, бу меъёр ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ҳукумат қарорида белгилаб қўйилди.

Аввал қабул қилинган қонунга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан йўл-патруль хизмати ходими хизмат вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ва бу ҳақда йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиши керак эди.

Ҳукумат 3 июлда қабул қилган қарор билан ЙПХ ходимлари хизмат вазифаларида мобил видеокамерадан фойдаланишига оид талаб 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Адлия вазирлиги йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш ҳуқуқига эга эканлигини, ЙПХ ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно эканлигини эслатган.