Истанбулда Ўзбекистоннинг яна икки нафар фуқароси вафот этди

Истанбул манзараси.

Истанбулда уч кун ичида бахтсиз тасодиф туфайли Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси вафот этди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 4 июлда билдиришича, 27 июнь куни Истанбулда 26 ёшли Акмал Мамиржонов бассейнга борган пайтда соғлиғи ёмонлашган. У шошилинч тарзда касалхонага ётқизилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у вафот этган.

52 ёшли Зулфияхон Шарафуддинова эса 30 июнь куни Истанбул шаҳрида велосипеддан йиқилиб, бошидан жароҳат олган. Олинган жароҳат унинг ўлимига сабаб бўлди.

“Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхона қайд этилган ҳолатларни назоратга олган ва ватандошларнинг жасадларини дафн этиш учун ватанга жўнатиш борасида уларнинг қариндошларига тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатган”, дейилади хабарда.

Сўнгги икки ой ичида Истанбулда камида тўрт нафар ўзбекистонлик вафот этди.

Аввалроқ Озодлик радиоси 30 май куни Истанбулнинг Гўзтепе маҳалласида 1992 йил 31 декабрда туғилган О.Ннинг гиламга ўралган жасади топилганини хабар қилганди.

31 май куни эса Истанбулнинг Чекмекой мавзесида наманганлик 31 ёшли Одилжон Ҳамзаев пичоқлаб кетилган ва хабарларда унинг воқеа жойида ўлгани айтилган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мазкур жиноятда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси Ш.С. қўлга олинган.