Ўзбекистон АҚШга қимматбаҳо китобларни совға қилди

АҚШ Конгресси кутубхонасининг ўқув зали.

Ўзбекистон АҚШ Конгресси кутубхонасига қимматбаҳо китобларни совға қилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 8 июль куни билдришича, 3 июль куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси Конгресс кутубхонасига Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва Инсон ҳуқуқлари миллий маркази фондларидан саралаб олинган китобларни топширган.

АҚШ Конгресси кутубхонасига Алишер Навоийнинг тўла асарлар 10 томлиги, «Амир Темур чет элликлар нигоҳида», «Кўхна ва боқий Бухоро», «Ўзбекистон» ҳамда 14 томлик «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоблари ҳадя қилинди.

Маросим пайтида Конгресс кутубхонаси мутахассислари Ўзбекистонга жорий йилда ташриф буюриб, Миллий кутубхона вакиллари билан учрашиш ниятлари борлигини билдирдилар. Бундан ташқари Ўзбекистонда сақланаётган қадимий китоблар қўлёзмаларини рақамли форматга ўтказишда АҚШ билан ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилинди.

1800 йилда ташкил этилган АҚШ Конгресси кутубхонаси жаҳондаги энг йирик кутубхона ҳисобланади. Бугунги кунда кутубхонада жаҳоннинг деярли барча тилларидаги 150 миллионта китоб, шунингдек, фотосуратлар, қимматбаҳо қўлёзмалар, тарихий хариталар сақланади. Ҳар йили кутубхона фонди 3 миллионтага кўпайиб боради.