Энергетика вазири ўринбосари нима учун Афғонистонга электр сотилаётганини изоҳлади

Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмининг икки фоизини ҳам ташкил қилмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев kun.uzга берган суҳбати давомида билдирди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Афғонистонга электр энергияси сотишнинг икки сабаби бўлиб, биринчиси – сиёсий.

“Ўзбекнинг қадимий мақоли бор – қўшнинг тинч, сен тинч. Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун энг кўп жон куйдираётган давлатлардан биридир. Агар нотинчлик кучайса, истаймизми йўқми, биз ҳудудга қўшимча эътибор қаратишимиз керак, яъни нимадандир ютганимиз билан ниманидир ютқизамиз”, деган Шерзод Хўжаев.

Иккинчи сабаб эса, вазир муовини айтишича, иқтисодийдир.

“Кўпчилик ўйлаганидек тўлов хатари ҳам йўқ – Афғонистон ойма-ой, ўз вақтида, олдиндан тўлов қилади. Тўғри, уларда аҳолидан йиғим кўрсаткичи 40 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Лекин донор давлатлар кўмаги билан ҳеч қачон қарз бўлиб қолишмайди”,- деган вазир ўринбосари.

Ўзбекистонда йиллардан буён электр энергияси тақчиллиги кузатилмоқда.