Тошкентда Марказий Осиёдаги энг баланд осмонўпар бино қурилиши иддао қилинди

Осмонўпар бино макети. Gazeta uz нашридан олинган сурат.

Tashkent City ҳудудида Марказий Осиёдаги энг баланд осмонўпар бино қурилади.

“Газета уз” нашрининг хабар беришича, 50 қаватли бинонинг баландлиги 215 метрни ташкил қилади ва у бир ярим гектар ерни эгаллайди. Мазкур бинони Ўзбекистоннинг Murad Buildings ширкати Туркиянинг Ozguven ширкати билан ҳамкорликда қурмоқда.

Хабарда айтилишича, мазкур лойиҳа устида 500 дан ортиқ инженер мутахассислар ишлаганлар.

Осмонўпар бино қурилишида гранитдан ҳам мустаҳкам бўлиши айтилаётган М700 маркали бетон қўлланилади.

«Мазкур бинони қуриш учун ишлатилган бетондан майдони 80 квадрат метрдан бўлган беш мингта квартира қуриш мумкин эди», деб ёзди нашр.

Лойиҳанинг қиймати 150 миллион долларга баҳоланмоқда. Мазкур бинода офислар, дўконлар, беш юлдузли меҳмонхона ва квартиралар мавжуд бўлади.