Президент Tax-free тизимини жорий этиш тўғрисида кўрсатма берди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда яқин ойлар ичида Tax-free тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Президент Мирзиёев 10 июль куни имзолаган «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга асосан, бу тизимни ишлаб чиқиш учун тегишли органларга уч ой муддат берилди.

Tax-free тизими чет эл фуқароларига Ўзбекистонда харид қилган товарлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришни назарда тутади. Чет эл фуқароси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтаётганда тегишли ҳужжатларни тақдим этган пайтда, уларга солиқ суммаси қайтарилади.

Tax-free тизими узоқ йиллардан бери Европа Иттифоқига аъзо давлатларда, Австралия, Индонезия, Аргентина каби ўнлаб бошқа давлатларда ишлаб келади. Россияда бу тизим 2018 йилнинг январида ишга туширилди.