Олий суд Самандар Қўқонов иши бўйича изоҳ берди: 20 йиллик қамоқ жазоси “қонуний” бўлган!

Олий суд биноси

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 10 июль кунги очиқ суд мажлисида Ислом Каримов даврида қамоқда энг узоқ ўтирган собиқ сиëсий маҳкум 75 яшар Самандар Қўқонов иши кўриб чиқилди.

Беш кишилик ҳайъат Қўқоновга Каримов даври Олий суди томонидан чиқарилган ҳукмни “қонуний” деб топди ва Қўқоновнинг ўзига қўйилган айблардан оқлаш сўровини қондирмади.

Шавкат Мирзиëев Каримов давридаги судлар фаолиятини кескин танқид қилиб¸ уларни адолатли қилиш ҳақида ваъда бериб келаëтган бир даврда чиқарилган бу ажрим Қўқонов ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Олий суднинг 11 июль куни эълон қилинган расмий баëнотида ëзилишича: “ Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган барча важларни муҳокама қилиб, ишни ҳар томонлама ўрганиб, қонуний баҳо” берган.

Суд ажримга кўра, С.Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилди, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йил таҳрирдаги) мувофиқ қайта квалификация қилинди. С.Қўқоновга тайинланган 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. С. Қўқонов жазони тўлиқ ўтагани инобатга олинди. Унга суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилди”¸ дейилади.

10 июль куни Озодлик билан суҳбатда Самандар Қўқонов¸ Каримов даврида “уйдирма ва тўқималар асосида ясалган” жиноят ишнинг бугунги Олий суд томонидан қонуний деб топилгани мамлакатдаги тузум¸ хусусан суд тизимининг ўзгармагани ифодаси эканини таъкидлади.