Ўзбекистон Бош прокурорининг буйруғига асосан Баҳриддин Валиев Тошкент шаҳар прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.
3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Баҳриддин Валиев тайинловга қадар Бухоро вилояти прокурори лавозимида ишлаган.
Аввалроқ маҳаллий нашрлар Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов лавозимидан кетгани ҳақида хабар қилгандилар.
Жорий йил июнида Отабек Муродов бош прокурорликдан олинганидан кейин прокуратура тизимида "тозалаш" амалиёти кузатилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги бир-биридан мустақил иккита мулозим Озодликка собиқ Бош прокурорга яқин бўлган прокуратура ходимларидан каттагина қисми ишдан олингани, улардан ўнга яқини жиноят иши фигуранти сифатида терговга тортилгани ҳақида маълум қилган.
Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими расмийсига кўра¸ вилоят прокурорларининг 70 фоизидан ишдан кетиш ҳақида ариза олинган ва бу аризалар қондирилган. Ҳозирча бу маълумот Бош прокуратура томонидан расман тасдиқланмаган.