Ўзбекистонда 2019 йилнинг биринчи ярмида хорижий капитал иштирокида янги ташкил этилган корхоналар сони 1 715 та ташкил этган. Бу кўрсаткич эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 752 тага кўпдир, дейилади Давлат статистика қўмитаси томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотда.
Маълумотларга кўра, ўз резидентлари капитали иштирокида янги корхоналар ташкил этиш бўйича биринчиликни Хитой эгаллаб турибди (289 та корхона). Иккинчи ўринда Россия (251 та корхона), учинчи ўринда эса Туркия (231 та корхона) бормоқда.
Ўзбекистонда янги корхоналар ташкил этиш бўйича қозоғистонликлар (179 та корхона) ва кореяликлар (115 та корхона) ҳам фаол.
“Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар иқтисодий фаолият турлари бўйича кўриб чиқиладиган бўлса, асосан саноат (527 та), савдо (501 та), қурилиш (195 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (144 та) фаолият турлари ҳиссасига тўғри келади. Энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда (29 та), ахборот ва алоқада (38 та) ҳамда ташиш ва сақлашда (42 та) ташкил этган”, дейилади статистика қўмитаси маълумотида.