Ўзбекистонда хориждан келтирилган гўшт ҚҚСдан озод қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 октябригача импорт қилинган гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйиш маҳсулотлари ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграм тармоғидаги “Ҳуқуқий ахборот” канали маълумот тарқатди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳукумат қарори (591-сон, 16.07.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хабарномада қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича имтиёз Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини чакана ва улгуржи реализация қилинганда берилиши урғуланган.