Ўзбекистон Республикасида 2019-2020 йилларда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича йўл харитасида бошқа чоралар қаторида “Ёшлар” тижорат банки ташкил этилиши ҳам назарда тутилган.
Янги банкнинг очилиши 2020 йилнинг январига мўлжалланган.
Йўл харитасида, шунингдек, мамлакатда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида “Ҳар бир ёш - тадбиркор” ижтимоий ҳаракати йўлга қўйилиши, ҳар бир туман (шаҳар)да катта тажриба ва салоҳиятга эга тадбиркорлар иштирокида ёш тадбиркорларнинг “Start up” лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар тадбиркорлиги ҳудудлари” ташкил этилиши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “ёш балиқчи”, “ёш асаларичи”, “ёш боғбон”, “ёш пиллакор” кластерлари яратилиши айтилган.
Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 7 мартида қабул қилган 4231- қарорда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга 8 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилажаги белгилаб қўйилган.
Аҳоли бандлигини таъминлашга имтиёзли кредитлар ажратиш учун молиявий ресурслар июннинг бошида тугагани, қўшимча ресурслар қачон келиши номаълум қолаётгани тўғрисида Озодлик “Агробанк” марказий идораси мулозимига таяниб, 2 июлда хабар қилган эди.