Қонунда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган хориж оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган хабарларга муносабат билдирилмайди.
Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида билдирди.
Бундай қарорга келишини вазирлик бугунги кунда тезкор ахборотга бўлган талаб тобора кучайиб бораётгани, "бундан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган ижтимоий тармоқлардаги баъзи сайтлар, интернет фойдаланувчилари, блогерлар ўз саҳифаларида тасдиқланмаган, ёлғон, бир томоннинг фикри билан хулоса қилиб тайёрланган маълумотларни ҳам тарқатаётгани" билан изоҳлаган.
Вазирлик фикрича, "баъзи хорижий оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашишда ёлғон ваъдалар бериб, бир томонлама нохолис материалларни тарқатиб, сохта обрў орттирмоқчи бўлмоқда" ва бу "бугун барчага аён".
Вазирлик барча ахборотни расмий манбалардан олишни тавсия қилган. "Шунинг учун ижтимоий тармоқлардан ўзингиз учун ахборот излаётганда расмий манбаларга таянсангиз аниқ ва тўғри маълумотларга эга бўласиз"., дейилган Ички ишлар вазирлиги баёнотида.
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 217 А (III) резолюцияси билан 1948 йил, 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19- моддасида бундай дейилган:
- "Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тусиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади".
- Ўтган йили Ўзбекистонда президент фармони билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги кенг нишонланди.