Ўзбекистон Исроил билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Саид Рустамов шу йилнинг 15 июль куни “Исроил-Осиё” савдо-саноат палатаси президенти Матан Вильнаи билан учрашиб, у билан Ўзбекистон-Исроил савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини кенгайтириш масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилади.

Учрашувда Вильнаи билан Исроилда “Исроил-Ўзбекистон” савдо-саноат палатасини барпо этиш ҳамда унинг Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан тиғиз ҳамкорлигини ўрнатиш ҳаракатини бошлаш юзасидан келишувга эришилган.

Томонлар Исроилда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини оммалаштириш масалалари билан шуғулланиши, икки мамлакат тадбиркорларининг ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиши кутилмоқда.

“Исроил-Осиё” савдо-саноат палатаси Исроил Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Савдо-саноат палаталари федерацияси, Ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси ҳамда Экспорт ва халқаро ҳамкорлик институти каби етакчи иқтисодий тузилмалар томонидан таъсис этилган нотижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Палата Осиё йўналишида Исроилнинг корчалонлик ҳамкорлиги ва савдо-сотиғини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида тузилган бўлиб, бугунги кунда Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд, Вьетнам, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатлар билан икки томонлама ташкил этилган савдо-саноат палаталарини бирлаштириб туради.