Ярим йилда Тошкентга $850 млн қарз берган Жаҳон банки делегацияси Ўзбекистонга келди

Сирил Мюллер бошчилигидаги делегация Тошкентда

Президент Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра¸ иккала томон “ўзаро манфаатли ҳамкорлик” вазиятидан мамнунлигини билдирган.

Айтилишича¸ жорий йилнинг ўзида Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига 850 миллион доллардан кўпроқ кредит ажратган.

Бу қарзлар¸ Ўзбекистондаги тадбиркорлик ва мактабгача таълимни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш каби йўналишларга сарфлаш шарти билан берилган.

Хусусан¸ Жаҳон банки бошқарув кенгаши Ўзбекистонга 24 май куни институцион салоҳиятни ошириш лойиҳаси учун 33 миллион доллар қарз бериш режасини маъқуллаган эди.

30 йиллик бу кредит давлат молиявий бошқарувини кучайтириш ва корпоратив секторнинг бозор фаолиятига имкон яратиш лойиҳасига сарфланиши керак.

Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган сўнгги рақамларга кўра¸ жорий йил 1 апрелига қадар мамлакат ташқи қарзи 19,1 миллиард долларни ташкил этган.

Биргина жорий йилнинг биринчи уч ойида ташқи қарз миқдори қарийб икки миллиард долларга кўпайган.