Статқўм Ўзбекистонда ўртача ойлик 2 млн сўмдан ошганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 миллион 92 минг 600 сўмни ташкил этган. Бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 30,1 фоизга кўпдир.

Бундан маълумот Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сайтида келтирилади.

Мазкур иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар ҳам киритилган.

Статқўм ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистонда энг кўп ойликни банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида ишлаётганлар (ўртача ойлик миқдори 4 млн сўмдан кўпроқ) ҳамда ахборот ва алоқа соҳасида фаолият кўрсатаётганлар (3 млн 770 минг сўмдан зиёдроқ) оладилар.

Энг кам ойлик эса cоғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ишлаётганларга (1 млн 448 минг сўм) берилмоқда.