Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида Хитой пешқадамлик қилмоқда

Жорий йилнинг дастлабки олти ойи натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг савдо айланмаси бўйича ҳамкорлари орасида Хитой биринчи ўринга чиқиб олди. Аввал бу кўрсаткич бўйича Россия пешқадам эди.

Давлат статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботга кўра, биринчи ярим йилликда Ўзбекистон Хитой билан 3 млрд 895 млн долларлик олди-берди қилган. Бунинг қарийб 1 млрд 600 млн доллари экспорт, 2 млрд 300 млн доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари ичида Россия иккинчи ўринда бормоқда (2 млрд 984 млн АҚШ доллари). Ундан кейин Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Афғонистон ва Тожикистон келади.

2019 йил биринчи ярмида Ўзбекистон 166 мамлакат билан савдо алоқаларини юритган. Мамлакатнинг умумий ташқи савдо айланмаси 20 млрд долларни ташкил қилган, бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 4 млрд долларга кўпдир.