Навоийда эшак ва ҳаром ўлган мол гўштини сотиш билан шуғулланган қассоблар ушланди

Иллюстратив сурат.

Навоий шаҳрида эшак ва ҳаром ўлган мол гўштларини сотиш билан шуғулланган карманалик қассоблар қўлга олинган.

“Навоий-24 — Навоий вилояти янгиликлари” Телеграм-каналининг хабар қилишича, мазкур ҳолат 18 июль куни Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Навоий вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган.

Қайд этилишича, Кармана туманининг Али Қушчи кўчасида яшовчи 47 ёшли Б.У. исмли шахс ва унинг 23 яшар ўғли Тошкент кўчасида яшовчи А.Б.лар жиноий тил бириктириб, истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини Навоий шаҳар “Тинчлик” қўрғонида жойлашган “Навоий Агро Мят” хусусий корхонаси биноси ёнида Ф.Т. исмли бошқа бир шахсга 1 миллион 239 минг сўмга сотган вақтда қўлга олинган. Улардан жами 1 тонна 727 килограмм маҳсулот олиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.