ТИВ: Ўзбекистон афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раундини Самарқандда ўтказиш учун шарт-шароит яратишга тайёр

Афғон расмийлари ва Толибон вакилларининг Доҳадаги учрашувидан лавҳа, 2019 йил 7 июли.

Ўзбекистон томони инклюзив афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раундини Самарқанд шаҳрида ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди ва бўлажак музокаралар муваффақиятли бўлишига умид билдиради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг ўз сайти орқали тарқатган баёнотида айтилади.

Баёнотда Самарқанд учрашуви ўтказилишининг аниқ вақти афғонлараро музокараларнинг барча иштирокчилари билан келишилганидан сўнг эълон қилиниши қайд этилган.

Айни пайтда “Ўзбекистон томони Афғонистондаги сиёсий жараён фақат афғон халқи ва унинг раҳбарлигида амалга оширилиши зарурлиги тўғрисидаги ўзининг принципиал мавқеини тасдиқлайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Афғонистон расмийларининг Толибон ҳаракати билан сўнгги музокараларида ижобий силжишлар кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.