2018 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғиштнинг 33 фоизи табиий газ ўрнига кўмирдан ёнилғи сифатида фойдаланаётган корхоналарда ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда мавжуд иссиқхона хўжаликларининг 27 фоизи кўмирдан фойдаланишга ўтказилди.
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, 2019 йилнинг беш ойи давомида яна 94 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхона кўмирдан муқобил ёқилғи сифатида фойдаланишга мослаштирилган, 115 та иссиқхона кўмирга ўтишни бошлаган.
Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларини ёнилғи ўрнида кўмирдан фойдаланишга ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти 26.05.2017 йилнинг 26 майида имзолаган "2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилаётгани айтилди.
Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистондаги ғишт ишлаб чиқарувчи ва иссиқхона хўжаликларини тўлиқ кўмирдан фойдаланишга ўтказиш мамлакатга ҳар йили миллиарддан ортиқ куб. м. табиий газни тежаш имконини беради.
- Ўзбекистонда йиллардан буён табиий газ тақчиллиги кузатилмоқда.
- 2018 йили Ўзбекистондан 13 миллиард куб метр газ экспорт қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда йилига 61 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Шундан 35-40 миллиард куб метрини “Ўзбекнефтгаз” АЖ қазиб олади. Истеъмолчиларга 35 миллиард куб метр газ етказиб берилмоқда. Республиканинг ички истеъмоли эса 39-40 миллиард куб метрни ташкил этади. Табиий газ қазиб олиш ҳажми кейинги йил 41 миллиард куб метрга, 2024 йилда эса 42,3 миллиард куб метрга олиб чиқиш режалаштирилган.
- Бу маълумотлар Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбар ходимлари иштирокида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилингани тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар қилган эди.
- Ўзбекистон президенти 9 июлда “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.