Хорижий дипломларни тан олиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 24 июлдаги қарори билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Низомга мувофиқ, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Адлия вазирлигининг Телеграмдаги саҳифасида қандай ҳолатларда ҳужжатларни тан олиш синовларсиз амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Талабгорлар сўровномага таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат, унинг иловаси ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхасини илова қилади.

Синов асосида тан олинадиган ҳужжатлар учун тест синовлари ташкил этилади ва бу ҳақида 10 кун олдин Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг сайтида эълон қилинади.

Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади ва 54 ва ундан кам балл тўплаган талабгорларнинг ҳужжатлари тан олинмайди.

2019 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.