Мирзиёев ташрифи олдидан Минскда минтақалар форуми ўтказилмоқда

Беларусь президенти А.Лукашенко ўтган йил сентябрида Ўзбекистонга сафар қилганди.

Ўзбекистон президентининг Беларусга ташрифи олдидан 29 июль куни Минскда икки давлат минтақалари форуми иш бошлади.

Беларусь сегодня нашрининг хабар қилишича, икки кун давом этадиган форумда уч секция – саноат кооперацияси, агросаноат комплекси ҳамда гуманитар, ахборот-коммуникация ва фан соҳаларида ҳамкорлик секциялари иш юритади.

Форум якунида ҳамкорликка оид янги минтақалараро битимлар ва тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 31 июлидан 1 августигача Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Беларусда бўлади. Икки давлат лидерлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболини, халқаро миқёсдаги долзарб масалаларни муҳокама қилишлари режаланган.