Ўзбекистон “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 22-ўринни эгаллади

Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий зиëратгоҳи Ўзбекистонга келаётган мусулмон сайёҳларни ўзига энг кўп жалб этувчи масканлардан биридир.

Ўзбекистон 2019 йили “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 10 поғона юқорилаб, 22-ўринни эгаллади.

Бу маълумот, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 29 июль куни Тошкентдаги “Citizen”меҳмонхонаси бўлиб ўтган “Мусулмон меҳмондўстлиги” рейтинги тақдимоти чоғида янграган.

Global Muslim Travel Index Cингапурдаги Crescent Rating агентлиги томонидан 2015 йилдан бери ҳозирланиб келади. Рейтингда дунёнинг 130 мамлакатида мусулмон сайёҳлар учун яратилган қулайликлар 40 дан ортиқ мезонларга асосланган ҳолда баҳоланган.

Жорий йилнинг февраль ойида Зиёрат туризми бўйича Бухорода бўлиб ўтган халқаро форум доирасида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Crescent Rating агентлиги ўртасида ўзаро англашув ва икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганди. Мазкур келишувга мувофиқ, агентлик “Туристик хизматларни сертификатлаш маркази” давлат унитар корхонаси билан ушбу йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик ташкилотларида мусулмон меҳмонхоналар хизматлари рейтингини жорий этишга доир шартномани имзолаган. Ушбу рейтинг тизими ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланадиган сайёҳлик ташкилотлари зиёрат туризми бўйича қатор афзалликларни қўлга киритиши айтилган.