Бош вазир давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини кескин танқид қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов давлат идораларида оммавий ахборот воситалари билан ишлаш талаб даражасида эмаслигини танқид қилди.

Вазирлар Маҳкамасида давлат органлари матбуот хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишлаб 30 июль куни ўтказилган селектор йиғилишида А.Арипов “ташкилотлар кимдир тепадан буйруқ беришини кутмай, ўзи ҳақидаги мақолаларга муносабат билдириши керак”лигини урғулади.

“ОАВда барча органлар иши юзасидан танқидий материаллар эълон қилинмоқда, аммо кўпчилик уларга муносабат билдирмай томошабин бўлиб турибди. Танқид бор, лекин муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри эканда? Танқиддан хулоса қилиндими йўқми, билдириш керак. Масалан кимдир чиқиб интервью берсин. Ёки бўлмаса, мана шу иш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди, шундай-шундай ишлар бўляпти деб айтиш керак”, дея иқтибос келтиради Бош вазир сўзларидан маҳаллий нашрлар.