Қирғизистон билан қишлоқ ҳўжалигига оид шартномалар имзоланди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қирғизистонлик ҳамкасби Мухаммедқалий Абилғазиев билан.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг Бишкекка сафари доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка оид учта шартнома имзоланди.

Томонлар қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларининг экспорт ва импорти, ўсимликлар карантини, лизинг ва Ўзбекистондан минерал ўғитларни сотиб олиш бўйича ҳужжатларга қўл қўйди.

Расмий ҳабарда айтилишича, ҳужжатларни амалга тадбиқ этиш мақсадида “Йўл харитаси” ҳам қабул қилинди.

Қирғизистон Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистондан юз минг тонна минерал ўғит сотиб олинади.

1 август куни Бишкекка сафар қилган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов аввалроқ Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков қабулида бўлган. Учрашувда Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув пайтида президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга сафарини уюштириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Арипов бундан аввал 2018 йилда Ўшга амалий сафар билан борган эди. Президент Шавкат Мирзиёев эса 2017 йилнинг сентябрида давлат ташрифи билан Бишкекда бўлган.