"Ўзбекистон"га февралда қўйилган нархга харидор чиқмагач, 10%га арзонлатилди

Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси. 4 август, 2018.

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон» меҳмонхона комплексини сотиш учун ошкора танлов савдосига қўяр экан, бу объект давлат улушининг бошланғич нархини 10 фоизга пасайтириб, 29,7 млн. АҚШ доллари этиб белгилади.

Бу ҳақда ЎзА агентликнинг матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Агентлик "Ўзбекистон"ни дастлаб жорий йилнинг февралида сотувга қўйган, ўшанда унинг бошланғич баҳоси 33 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган эди.

“Ўзбекистон” меҳмонхонаси Тошкентнинг энг машҳур меҳмонхоналаридан бири. У 1974 йилда, шаҳарнинг қоқ марказида қурилган.

Меҳмонхона ойналаридан Амир Темур хиёбони кўриниб туради. Кўп қаватли меҳмонхона ер қимирлашига чидамли бўлиши учун ярим айлана шаклида лойиҳалаштирилган.