Ўзбекистон ва Туркия президентлари кутилаётган олиймақом йиғилиш режасини муҳокама қилди

11 август куни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон телефон орқали суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки давлат халқини Қурбон ҳайити билан табриклаган, сўнгра томонлар ўртасидаги стратегик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Мулоқот чоғида шу йилнинг 5-6 август кунлари Анқарада икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳамраислигида бўлган Стратегияни режалаштириш гуруҳи илк йиғилиши натижалари олқишланган. Шунингдек, президентлар раислигида бўлиши кутилаётган Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши илк йиғилишига ҳозирлик масалаларида фикр алмашилган.

Бу олиймақом учрашувнинг шу йил Анқарада бўлиб ўтиши хабар қилинган, аммо ҳозирча учрашув санаси ошкор қилинмади.

Шу йилнинг 5 августида Анқарада икки давлат ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Мавлут Чавушўғлу раислигида Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг илк йиғилиши ўтказилди.

Ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, вазирлар ҳам асосий эътиборни кутилаётган олий даражадаги йиғилишга тайёргарлик масаласига қаратган.

Расмий рақамларга кўра, ўтган йил якунида томонлар ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 40 фоиздан ошган ва 2 миллиард 172 миллион АҚШ долларига етган. Айтилишича, бу аввалги йилдан 22 фоизга кўпдир.