АҚШ молия холдинги Қувасойда завод қуриш учун қарз берадиган бўлди

JP Morgan Chase холдингининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида полировкаланган флоат-шишаларни ишлаб чиқарувчи завод қурилишини АҚШнинг JPMorgan Chase Bank молия холдинги молиялаштиради.

JPMorgan Chase Bank АҚШнинг энг йирик тўртта банкидан биридир.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, 8 августда Москвада JPMorgan Chase Bank ва “Асака” акциядорлик тижорат банки ўртасида халқаро даражадаги экспорт-кредит келишуви имзоланган.

Мазкур ҳужжатга асосан Қувасойдаги “Кварц” ҳиссадорлик жамияти базасида қуриладиган завод лойиҳаси учун 36 миллион 400 минг евро кредит берилади. Ушбу маблағ Хитойнинг “Sinosure” экспорт-кредит агентлиги суғурта қоплами асосида 7 йил муддатда тўлаб борилади.

«Заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг бир кунлик максимал ҳажми 400 тоннани ташкил қилади. Заводга технологик ускуналар Хитойнинг Shanghai Pony Technologies компанияси томонидан етказилади», дейилади хабарда.

Янги завод 300 одамни иш билан таъминлаши айтилмоқда.