Қўқон Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилди

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши (World Craft Council) Қўқонни Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига (World Craft City) киритди.

“Дунё” ахборот агентлигининг билдиришича, World Craft Council президенти Рози Гринлис шу муносабат билан: “Жаҳон кенгашига берилган ариза эвазига, биз ҳунармандчилик Қўқон шаҳри маданияти ва саноатида катта роль ўйнаши ҳақидаги хулосага келдик. Қўқон ҳунармандлар шаҳарлари жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши қувонарлидир. Қўқон рўйхатга киритилиши билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажариши ва бутун дунё ҳунармандлари учун умумий платформа яратиш мақсадида халқаро алмашувларни кенгайтириши, ҳунармандчилик шаҳарлари тармоғидаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид қиламиз”, деб баёнот берган.

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Агентликнинг таъкидлашича, Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхати 2014 йилдан бери мавжуд. Бугунги кунгача мазкур рўйхатга дунёнинг 30 шаҳри киритилган.

Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йил мартидан Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши аъзолигига қабул қилинган.