13 августдан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, сўнгра бутун мамлакат ҳудудига Волгабўйи минтақасидан салқин ҳаво оқимлари кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидрометга таяниб gazeta.uz хабар қилди.
Антициклон таъсирида Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчиликларсиз об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Фақатгина республиканинг тоғли ҳудудларига қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати кечаси +15…+18, кундузи эса +25…+28 даражагача тушади. Ушбу ҳарорат кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан 5−8 даража пастроқдир, деган синоптиклар.
13−15 август кунлари айрим жойларда шамол тезлиги секундига 15−20 гача кучаяди. Бундай салқин об-ҳаво 16 августга қадар сақланиб қолади.
Антициклон чекинганидан сўнг ҳаво ҳарорати ошишни бошлайди ва кечаси +18…+20, кундузи — +32…+35 даражага қадар кўтарилади.