Уйига қуёш станцияси ўрнатганларга давлат 3 млн сўмгача компенсация ваъда қилди

Президент Мирзиёев имзолаган энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга оид қарорга биноан,
хусусий хонадонларда қуёш фотоэлектрик станциялари (ўртача 2 кВт) ва қуёш сув иситкичлари (ўртача 200 литр) ўрнатилади; ностандарт газ-горелкали қурилмалари энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларга алмаштирилади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Қарорга биноан, 2020 йил 1 январдан:

жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:

қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;

қуёш сув иситкичлар учун – 1,5 миллион сўмдан;

газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.

Қарор билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб илгари фойдаланилган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги D тоифадаги энергия сарфловчи ускуналарни республика ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.