МСК парламент сайловининг 22 декабрга белгилангани ҳақидаги хабарларни инкор қилди

Беш сиëсий партия раҳбари Шавкат Мирзиëев билан учрашувда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) Олий Мажлиси ва вилоят¸ шаҳар ва район кенгашларига сайловларнинг 22 декабрга белгилангани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

"Матбуот хизмати шуни маълум қиладики, айрим оммавий ахборот воситалари, хусусан, Россиянинг “Мир24” телеканали, шунингдек “Kun.uz” веб-сайтида “Ўзбекистонда сайловлар жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтади. Сайлов жараёнлари аввалги сайловлардагидек пропорционал тизимда ўтказилади”, деган мазмундаги нотўғри хабар эълон қилинди. Мазкур ахборот гўёки МСК раиси сўзларидан ва МСК Матбуот хизматидан олинганлиги кўрсатиб ўтилган. МСК томонидан шу кунга қадар бундай баёнот берилмаган"¸ дейилади комиссия расмий сайтида эълон қилинган баëнотда.

27 август куни Россиянинг ТАСС агентлиги Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовдан:

«Сайловлар¸ ўтган галги каби¸ пропорционал сайлов системаси бўйича ўтказилади¸ унда Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказилган беш сиëсий партия иштирок этади»¸ деб иқтибос келтирган эди.

Комиссия расмий баëнотида "Ўзбекистонда сайлов жараёнлари пропорционал тизимда эмас, балки мажоритар сайлов тизимида ўтказилади. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида ўтказилади"¸ деб таъкидланган.

Ўзбекистонда “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партия рўйхатга олинган.

Ўтган ҳафта расмий партия раҳбарлари билан учрашган Шавкат Мирзиëев¸ уларга “замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб бериш”ни тавсия қилган эди.

Ислом Каримов ҳокимияти даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф партия ва ҳаракатларнинг бирортаси фаолиятига Мирзиëев ҳукуматга келгандан бери расмий рухсат берилгани йўқ.

Ўзбекистон Конституциясининг 117-моддасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси¸ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.